in

Tashkent Pharma Park делегацияси Ҳиндистон кластерлари тажрибасини ўрганиб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон — “Tashkent Pharma Park” (BioPharma City) фармацевтика кластери делегацияси Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтика кластерлари фаолияти билан танишди.

Хизмат сафари доирасида “Tashkent Pharma Park” (BioPharma City) фармацевтика кластери делегацияси Ҳиндистоннинг "SIIDCUL", "Telangana Life Sciences" ҳамда "Jawaharlal Nehru Pharma City (JNPC)" фармацевтика кластерларида бўлиб, уларнинг фаолияти ва илғор тажрибаларини ўрганди.

Делегация аъзолари кластерлар раҳбарияти ва резидент корхоналар вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, фармацевтика, биотехнология ва инновациялар соҳаларида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестициявий шериклик имкониятларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, кластерларда яратилган муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, ишлаб чиқариш майдонлари, GMP талабларига мувофиқ ташкил этилган саноат объектлари ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш механизмлари билан яқиндан танишилди.

Харидвар шаҳридаги "SIIDCUL" кластери ҳамда бошқа саноат ҳудудларида фаолият юритаётган умумий оқова сувларни тозалаш иншоотлари – CETP (Common Effluent Treatment Plant) фаолияти ўрганилиб, чиқинди сувларни қайта ишлаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва замонавий экологик технологияларни жорий этиш бўйича тажрибалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, "Arogya Formulations" ва "Akums Drugs" корхоналари фаолияти кўздан кечирилиб, дори воситалари ишлаб чиқариш жараёнлари, сифат назорати тизими ва замонавий технологик ечимлар билан танишилди.

Мазкур хизмат сафари давомида халқаро фармацевтика кластерларини ривожлантириш тажрибаси, технологиялар трансфери, экспорт салоҳиятини ошириш, барқарор саноат ривожланиши ва инновацион экотизимларни шакллантириш бўйича илғор ёндашувлар ўрганилди.