Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон вакиллари Aichi-Nagoya-2026 Параосиё ўйинларида учта олтин медални қўлга киритди. Маҳлиё Акрамова клуб отиш, Ҳусниддин Норбеков ядро улоқтириш бўйича ғолиб бўлди, Егор Болотов эса сузишда чемпионликни қўлга киритди. Ўзбекистонлик спортчи аёллар 100 метрга эркин услубда сузиш баҳсларида яна иккита медаль олди.
Маҳлиё Акрамова аёллар ўртасида F32 классида клуб отиш мусобақасида ғолиб бўлди. У финалда 24,08 метр натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади ва Параосиё ўйинларининг янги рекордини ўрнатди.
Ҳусниддин Норбеков эркаклар ўртасида F35 классида ядро улоқтириш бўйича олтин медални қўлга киритди. Унинг натижаси 16,04 метрни ташкил этди.
Ўзбекистонга яна бир олтин медални сузувчи Егор Болотов келтирди. У эркаклар ўртасида S13 классида 100 метрга эркин услубда сузиш финалида 52,90 сония натижа билан биринчи бўлиб маррага етди.
S13 классида аёллар ўртасида 100 метрга эркин услубда сузиш баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар яна иккита медални қўлга киритди. Мубинабону Халилова 1 дақиқа 0,84 сония натижа кўрсатиб, иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Муслима Одилова эса 1 дақиқа 2,35 сония натижа билан учинчи бўлиб маррага етиб келди ва бронза медални қўлга киритди. Сузиш баҳсида Япония вакили ғолиб бўлди.
