in

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори учун ЖФОДЛ/ТМ қоидалари янгиланди

Тошкент, Ўзбекистон — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг янги таҳририни тасдиқлади.

Ҳужжат 2026 йил 30 июнь куни 3877-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва пул ювиш ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини такомиллаштириш доирасида ишлаб чиқилди. Таъкидланишича, ўзгаришлар ФАТФ тавсияларида назарда тутилган халқаро стандартларни жорий этиш, шунингдек, миллий ЖФОДЛ/ТМ тизимида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган.

Қоидаларнинг янги таҳрири хатарларни баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, ички назорат ва мижозларни лозим даражада текшириш тартиб-таомиллари самарадорлигини ошириш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ҳамда ваколатли давлат органлари ўртасидаги мониторинг ва ахборот алмашинувининг айрим жараёнларини рақамлаштиришни назарда тутади.

Ҳужжатда қўлланиладиган атамалар рўйхатига аниқлик киритилиб, у кенгайтирилди. Хусусан, «учинчи томон», «аниқлик даражаси», «юридик шахс ташкил этмасдан тузилган хорижий тузилма» каби тушунчалар ҳамда бошқа қатор атамалар киритилди.

Шунингдек, ички назорат қоидаларини ишлаб чиқишда хатарларга асосланган ёндашув ва гуруҳ модели қўлланилиши бўйича қўшимча талаблар белгиланди. Бозор иштирокчиларининг ахборот тизимларига қўйиладиган талаблар ҳам батафсил ёритилди. Жумладан, кўрсатилаётган хизматлар ва амалга оширилаётган операцияларнинг хатар даражаси, шунингдек, иштирокчиларнинг айрим идентификацион маълумотларини ҳисобга олган ҳолда автоматлаштирилган текширув параметрлари белгиланди.

Қоидалар ташкилотлар раҳбариятининг ички назорат тизими самарадорлигини мунтазам баҳолаб бориш мажбуриятини ҳам мустаҳкамлайди.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун тайинланган контролёр тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили Агентликка тақдим этиш мажбурий тартибда жорий этилди.

Бундан ташқари, контролёр фаолияти ва мижозларни идентификация қилиш жараёнларида фойдаланиладиган ҳужжатлар шакллари тасдиқланди, шунингдек, ЖФОДЛ/ТМ соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг «Шахсий кабинет» тизимига уланиш тартиби белгиланди.