Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тоза энергия маркази уставини (Ашхобод, 2021 йил 27 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у орқали Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида ташкил этилаётган Тоза энергия маркази уставини ратификация қилиш назарда тутилмоқда. Тоза энергия маркази устави 2021 йил 27 ноябрда Ашхобод шаҳрида қабул қилинган. Устав 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг минтақавий энергетик ҳамкорликдаги иштирокини янада мустаҳкамлашга, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда «яшил» тараққиёт мақсадларига эришиш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. «Яшил» иқтисодиётга ўтиш, иқтисодиёт тармоқларида энергия тежамкор технологияларни кенгайтириш, қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада эришилаётган амалий натижалар Ўзбекистоннинг нафақат миллий энергетика хавфсизлигини таъминлаш, балки минтақада тоза энергия ва барқарор тараққиёт кун тартибини илгари суришда ҳам фаол иштирок этаётганини кўрсатади. Шу маънода, ИҲТ Тоза энергия маркази уставини ратификация қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган «яшил» ислоҳотларни минтақавий ҳамкорлик, илмий-техник алмашинув ва қўшма лойиҳалар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда қайд этилганидек, Тоза энергия марказининг асосий мақсади қайта тикланувчи энергия ва энергия самарадорлиги соҳасини ривожлантириш, шунингдек, аъзо давлатларнинг миллий институтлари салоҳиятини кенгайтиришга кўмаклашишдан иборат.
Марказ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ИҲТга аъзо мамлакатларнинг ваколатли идоралари ўртасида барқарор энергетика соҳасида мувофиқлаштирилган ҳамкорлик кучаяди. Шу билан бирга, минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларга техник ёрдам кўрсатиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Айниқса, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, энергия хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида энергия тежамкорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия улушини кўпайтириш бугунги кунда барқарор ривожланишнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда. Шу жиҳатдан мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро иқлим мажбуриятларини амалга ошириш мақсадларига ҳамоҳангдир.
Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги фаол иштирокини кенгайтиради, тоза энергия соҳасида илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиради ҳамда минтақада барқарор энергетика инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
