in

Ўзбекистон ва Жонгшан бизнес ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Хитой Халқ Республикасининг Жонгшан шаҳар халқ ҳукумати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонларни Палата раиси биринчи ўринбосари Давронбек Курбанов қабул қилди. Учрашувда Палата раиси маслаҳатчилари Алишер Шайхов ва Жамил Максуди ҳам иштирок этдилар.

Жонгшан шаҳри Хитойнинг Гуандун провинциясида жойлашган йирик саноат ва экспорт марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳар электр жиҳозлари, маиший техника, мебель, тўқимачилик ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Жонгшан таркибига кирувчи Гучжэнь аҳоли пункти эса «Хитойнинг ёритиш пойтахти» сифатида машҳур бўлиб, мамлакат ички ёритиш ускуналари бозорининг қарийб 70 фоизини таъминлайди. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 140 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларга экспорт қилинади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, саноат кооперацияси, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, бизнес миссиялари ва кўргазмалар ташкил этиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Жонгшан ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.