Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Беларусь Республикасининг сув таъминоти ва сувни тозалаш соҳасида фаолият юритувчи "Formula of Water Group" компанияси вакили Жук Димитрий ҳамда компаниянинг Ўзбекистондаги вакили Бобур Аслановни қабул қилди.
Учрашувда вилоятимизда сув таъминоти инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда мазкур йўналишда амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
"Formula of Water Group" сув таъминоти ва сувни тозалаш соҳасида комплекс ечимларни таклиф этувчи компаниялар гуруҳи бўлиб, объектларни лойиҳалаш, замонавий ускуналарни ишлаб чиқариш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, ишга тушириш ва кейинги сервис хизматларини кўрсатишгача бўлган тўлиқ иш жараёнини қамраб олади.
Мулоқот давомида Жук Димитрий компаниянинг халқаро тажрибаси, амалга оширилган лойиҳалари ҳақида тақдимот қилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур йўналиш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш таъминланишини билдирди. Шунингдек, масъул раҳбарларга инвесторлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, зарур кўмак кўрсатиш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашувда дастлаб Қува туманида ичимлик суви таъминотида муаммоси бўлган маҳаллаларда лойиҳани тажриба-синов тариқасида амалга ошириш, эришилган натижалар асосида уни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш масаласи юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.
