Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг "Qingdao Junling Transformers" компанияси таъсисчиси Цзи Чжаошан бошчилигидаги тадбиркорлар делегациясини қабул қилди.
Учрашувда Фарғона вилоятида, хусусан, Бағдод туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Компания таъсисчиси Цзи Чжаошан ўз корхонаси фаолияти, трансформаторлар ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси ҳамда Фарғона вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар хусусида маълумот берди. Лойиҳанинг биринчи босқичида трансформаторлар ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва бутловчи қисмлар олиб келиниб, уларни йиғиш йўлга қўйилади. Кейинги босқичда эса маҳаллий ишлаб чиқаришни тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хорижий инвесторлар лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус марказ ташкил этилганини таъкидлаб, ҳар бир инвестиция лойиҳасига зарур амалий кўмак кўрсатилиши ва лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини қайд этди.
Учрашув якунида ҳамкорликни жадаллаштириш ва лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди ҳамда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
