in

Тошкентда Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Афғонистонда автомобиллар ҳамда уларнинг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар делегациясининг Тошкент шаҳрига амалий ташрифи давом этмоқда.

Савдо-саноат палатаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ташриф доирасида меҳмонларга Учтепа туманидаги “Scopus Mall” савдо мажмуасида автомобил эҳтиёт қисмлари савдосини ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар намойиш этилди.

Шунингдек, делегация аъзолари 40 дан ортиқ маҳаллий корхона иштирокида ташкил этилган кўргазма билан танишди. Унда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобил эҳтиёт ва бутловчи қисмлари ҳамда корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳияти тақдим этилди.

Учрашувлар давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва афғонистонлик тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.