Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов IQVIA компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида компания вакиллари IQVIAнинг глобал фаолияти, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўлланилаётган замонавий data-аналитика ечимлари ҳамда бозорни комплекс таҳлил қилиш имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон фармацевтика бозори бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотлар тақдим этилиб, маҳаллий фармацевтика корхоналарининг бозор кўрсаткичлари, асосий тенденциялар, терапевтик йўналишлар кесимидаги ўсиш динамикаси ҳамда соҳанинг ривожланиш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида халқаро аналитик маълумотлардан самарали фойдаланиш, фармацевтика бозорининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, инвестициявий жозибадорликни кучайтириш ҳамда соҳадаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар замонавий data-аналитика ва бозор таҳлили воситаларини фармацевтика саноатини стратегик ривожлантириш, самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда қўллаш юзасидан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
