in

UzNIF соф активлар қиймати сезиларли ошишини кутмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси» АЖ (UzNIF) 2026 йил 30 июнь ҳолатига кўра соф активлар қиймати (САҚ) 31 май ҳолати бўйича эълон қилинган кўрсаткичга нисбатан сезиларли даражада ошишини кутаётганини маълум қилди.

Компания хабарида қайд этилишича, UzNIF инвестиция портфели активларининг ярим йиллик мустақил баҳолаш жараёни деярли якунланган. Ҳисобот якуний тарзда тасдиқланган тақдирда, июнь ойи учун САҚ кўрсаткичи аввалги натижадан анча юқори бўлиши кутилмоқда.

Ўсишнинг асосий омили жамғарманинг инвестиция портфелига кирувчи айрим листингга чиқарилмаган активлар ҳамда ликвидлиги паст бўлган листингдаги активларнинг ҳаққоний қиймати янгиланиши билан боғлиқ. Янги баҳолашлар мустақил баҳоловчи иштирокида амалга оширилган.

Компанияда таъкидланишича, активларни баҳолашда қўлланиладиган методологиялар ўзгармаган. Қайта баҳолашнинг стандарт тартиби доирасида фақат дастлабки маълумотлар ва қабул қилинган тахминларга тузатишлар киритилган.

2026 йил 30 июнь ҳолатига кўра соф активлар қиймати тўғрисидаги тўлиқ ҳисоботни 21 июль куни эълон қилиш режалаштирилган. САҚ ўзгаришига таъсир этган асосий омиллар ҳақидаги қўшимча маълумотлар июнь ойи ҳисоботида, шунингдек, компаниянинг инвесторлар билан бўлиб ўтадиган ярим йиллик мулоқоти давомида тақдим этилади.

Компания шунингдек, мазкур хабар Буюк Британиянинг Бозорда суиистеъмол қилиш тўғрисидаги низоми (UK Market Abuse Regulation)нинг 7-моддасига мувофиқ инсайдерлик ахборотини ўз ичига олишини маълум қилди. Хабар эълон қилинганидан сўнг ушбу маълумот жамоатчилик учун ошкор қилинган деб ҳисобланади.