Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Афғонистон озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш маҳсулотлари устидан назорат қилиш бошқармаси (AFDA) вакиллари иштирокида маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари учун учрашув ташкил этилди.
Тадбирда фармацевтика корхоналари вакиллари бевосита ва Zoom платформаси орқали онлайн тарзда қатнашди. Учрашув давомида Афғонистонга дори воситаларини экспорт қилиш учун маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, импорт талаблари, ишлаб чиқарувчилар учун амал қиладиган регулятор талаблар ҳамда бозор имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда Афғонистон фармацевтика бозорининг ҳажми тахминан 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланиб бораётган бўлса-да, фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг катта қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда.
AFDA вакили доктор Садам томонидан маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш жараёни, ариза топшириш тартиби, ҳужжатларни кўриб чиқиш, ишлаб чиқариш майдонларида инспекция ўтказиш ҳамда амалдаги тўловлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, одатда ҳар бир ишлаб чиқариш линияси учун маълум бир миқдоридаги белгиланган GMP инспекцияси тўлови ҳозирги вақтда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун бепул амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда Афғонистон бозорига чиқиш имкониятлари бўйича фикр алмашдилар.
Агентлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни изчил давом эттиради.
