Тошкент, Ўзбекистон — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Хавфли кимёвий моддаларни самарали бошқариш учун техник кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида бугун Экологик мониторинг миллий маркази мутахассислари учун лаборатория сифат бошқаруви ва хавфларни баҳолашга бағишланган тўрт кунлик ўқув дастури бошланди.
Тренинг халқаро лаборатория мутахассиси Моҳаммад Назем Ширази томонидан олиб борилмоқда ва у кимёвий таҳлил ҳамда пестицид қолдиқларини аниқлаш бўйича миллий лаборатория салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган тўртта модулдан иборат дастурининг биринчи босқичи ҳисобланади.
Ўқув дастури икки асосий йўналишни қамраб олади: кимёвий таҳлил лабораторияларида хавфларни аниқлаш ва баҳолаш ҳамда ИСО/ИEС 17025:2017 халқаро стандарти талабларига мувофиқ сифат бошқаруви тизимларини жорий этиш ва аккредитацияга тайёргарлик. Мазкур стандарт синов ва калибрлаш лабораторияларининг малакаси ва ишончли натижаларни тақдим этиш қобилиятига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Техник тақдимотлар амалий машғулотлар ва реал мисоллар билан уйғунлаштирилган ҳолда ташкил этилган тренинг иштирокчиларга лаборатория хавфларини бошқариш, сифат назорати воситаларини қўллаш ҳамда аккредитация жараёнларига тайёргарлик бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, тренинг кимёвий моддалар, лаборатория ускуналари, чиқиндилар билан ишлаш, вентиляция тизимлари ва фавқулодда ҳолатлар билан боғлиқ касбий ва операцион хавфлар тўғрисидаги хабардорликни оширади ҳамда хавфсиз ва самарали лаборатория муҳитини таъминлаш чораларини ёритади.
Самарали лаборатория тизимлари хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Улар ваколатли органларга пестицид қолдиқларини мониторинг қилиш, ифлосланиш хавфларини баҳолаш ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Мазкур фаолият ФАОнинг Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарор қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли қўллаб-қувватлашининг бир қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Европа Иттифоқи хавфли кимёвий моддаларни бошқаришни такомиллаштириш, экологик мониторинг ва пестицидлар назорати тизимларини мустаҳкамлаш учун мақсадли техник кўмак кўрсатмоқда.
