in

Ўзбекистон делегацияси Сучжоу шаҳрида фармацевтика инфратузилмаси ва тиббий туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда "Pharm Service" ДМ вакиллари Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари доирасида Сучжоу шаҳрида фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялар билан учрашувлар ўтказди.

"Gusu Clean" компанияси билан ўтказилган музокараларда халқаро GMP стандартларига мувофиқ “clean room” (тоза хона) тизимларини жорий этиш, фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжуд ишлаб чиқариш объектларини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

"Care Navigator" компанияси билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббий туризмни ривожлантириш, халқаро клиникалар ҳамкорлигини кенгайтириш ва тиббий хизматлар экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизда ташкил этилган Health Invest ташкилоти фаолияти тақдим қилиниб, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшма тиббиёт марказларини ташкил этиш, инновацион диагностика ва даволаш технологияларини жорий этиш ҳамда халқаро беморлар оқимини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувлар Ўзбекистонда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.