Тошкент, Ўзбекистон — 16 июль куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гиртс Яунземс билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши қарорларининг ижроси ҳамда савдо ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон–Латвия Қўшма ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш, Тошкент шаҳрида савдо уйини очиш, шунингдек, Рига шаҳрида 70 га яқин ўзбекистонлик компаниялар иштирокида ўтказилган “Made in Uzbekistan” кўргазмаси якунларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, фармацевтика, агросаноат мажмуаси, ўғитлар, қадоқлаш маҳсулотлари ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларидаги ташаббуслар кўриб чиқилди. Шунингдек, Рига ва Вентспилс портлари орқали логистика йўналишларини кенгайтириш, авиақатновларни кўпайтириш ҳамда Латвия компанияларини Ўзбекистондаги янги лойиҳаларга жалб этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Учрашув якунида томонлар белгиланган ташаббусларни изчил амалга ошириш ва иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
