in

Бонд омбори фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди

Тошкент, Ўзбекистон —  Ҳукумат қарори билан “Бонд омбори фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
 
Низом бонд омбори фаолиятини ташкил этиш, унга қўйиладиган талаблар ҳамда бонд омборига товарларни жойлаштиришда божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш тартибини белгилайди.
 
Низомга кўра, бонд омбори фаолиятини амалга оширишга эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ҳамда бонд омборлари реестрига киритилган тақдирда рухсат этилади.
 
Бонд омборига жойлаштирилган товарлар билан қуйидаги операциялар бажарилиши мумкин:
 
махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга сотиладиган чет эл товарларини сақлаш;

товарнинг ўзгармас ҳолатда бут сақланишини таъминлаш операциялари;

оддий йиғиш операциялари ва бошқалар.
 
Бонд омборлари реестрига киритиш талаблари:
 
бонд омбори жойлашган ҳудудда амалдаги лицензияга эга эркин омбор мавжудлиги;

махсус электрон савдо платформаси билан ўзаро ҳамкорлик ёки шериклик тўғрисида шартнома мавжудлиги;

умумий майдони камида 15 000 кв.м бўлган яхлит эркин омборга эга бўлиш ва бошқалар.
 
Божхона қўмитаси ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади.
 
Шундан сўнг, ариза берувчига уни бонд омборлари реестрига киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида жавоб хатини юборади.