in

Ўзбекистон ва Бошқирдистон бизнес ҳамкорлигини кенгайтиришга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон — 5 август куни Уфа шаҳрида «Бошқирдистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш» мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг енгил, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, мебел саноати, қурилиш, тиббиёт ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида фаолият юритувчи 100 дан ортиқ корхонаси иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов, Кичик бизнес уюшмаси раиси ўринбосари Музаффархон Мусаев, Бошқирдистон Республикаси Ҳукумати раиси ўринбосари – саноат, энергетика ва инновациялар вазири Александр Шельдяев ва бошқа 7 та вазирликлар раҳбарлари ҳамда «Алга» махсус иқтисодий зонаси директори Артем Пензин иштирок этди.

Учрашувда 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 13 миллиард АҚШ долларига етгани, шунингдек, мамлакатимизда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 мингдан ошгани қайд этилди.

Форум доирасида «БашГлобалГрупп» МЧЖ билан «Евразия» улгуржи-тақсимлаш марказида Ўзбекистон Савдо уйини очиш, ўзбек компанияларининг Халқаро кўп функцияли бизнес-мажмуаси лойиҳасида иштирок этиши ҳамда «Толпар» технопарки базасида озиқ-овқатдан ташқари маҳсулотларни реализация қилиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, бошқирд корхоналари Афғонистон бозорига йўналтирилган эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолият юритишга таклиф этилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Бошқирдистон Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, B2B музокаралари якунлари бўйича шартнома ва келишувлар имзоланди.