in

Ўзбекистонда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси давом этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ислом тараққиёт банки ҳамда ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та маҳаллада ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида, 2024-2025 йилларда 100 дан ортиқ янги ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда эса ҳудудларда ижтимоий объектлар ҳамда муҳандислик инфратузилмасини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли томонидан устувор деб топилган 454 та ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаси танлаб олинган. Бугунги кунда Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа, Янгибозор ва Ҳазорасп туманлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош, Амударё, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида қатор объектларда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида умумтаълим мактаблари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва оилавий шифокорлик пунктлари қурилиши ҳамда реконструкция қилиниши билан бир қаторда, ички йўлларни асфальтлаштириш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, кўчаларни замонавий ёритиш тизимлари билан жиҳозлаш, электр трансформаторларини янгилаш, ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш ва суғориш иншоотларини таъмирлаш ишлари ҳам белгиланган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг лойиҳага киритилган 6 та туманидаги 12 та асосий ва 34 та ёндош маҳаллаларда 38 та умумтаълим мактаби, 29 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 5 та оилавий шифокорлик пункти, 45 та асосий ва ички йўллар, 19 та ичимлик суви тармоғи, 35 та электр таъминоти объекти, 8 та суғориш ва ирригация иншооти, 35 та пиёдалар йўлаги ҳамда кўча ёритиш тизими, шунингдек, 12 та маҳалла маиший хизмат кўрсатиш марказини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган мазкур тадбирлар қишлоқ жойларда замонавий инфратузилмани шакллантириш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.