Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси Халқаро робототехника ассоциациялари альянсига (IARA) қўшилди ҳамда Хитойнинг Zhejiang Qingshanhu Sci-tech City Management Committee ташкилоти билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади.
Келишувларга инновациялар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Ханчжоу шаҳрига ташриф давомида эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
IARA аъзолиги Ўзбекистон ёшларининг робототехника ва илғор технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Zhejiang Qingshanhu Sci-tech City Management Committee билан имзоланган келишув инновациялар ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Ташриф давомида хитойлик инвесторлар билан ҳам музокаралар ўтказилди. Томонлар Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш, истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш ва қўшма технологик ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Эришилган келишувлар ёшларнинг инновацион ғояларини илгари суриш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва мамлакатнинг муҳандислик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
