in

Ўзбекистон ва Австрия чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Австрия наслчилик чорвачилиги, ветеринария ва ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар савдоси соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.

Ушбу масалаларни Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Ўрунов Австрия қишлоқ хўжалиги кластери (AAC) бош директори Герман Визер ва Австрия элчихонасининг савдо маслаҳатчиси Рудольф Лукавски билан муҳокама қилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Томонлар наслдор қорамол савдосини кенгайтириш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар экспортини ташкил этиш ва ветеринария соҳасида тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқди.

Наслчилик чорвачилиги ва генетика соҳаларида Австрия тажрибасини қўллашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, наслдор чорва молларидан эмбрионлар олиш ва уларни кўчириб ўтказиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ветеринария мутахассисларининг Австрияда малакасини ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда австриялик экспертлар иштирокида амалий семинарлар ва тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йил октябрь ҳолатига Ўзбекистон Австриядан симментал зотли 1 500 бош наслдор қорамол, 714 тонна ветеринария препаратлари ва озуқа қўшимчалари, шунингдек, 4,7 тонна сут маҳсулотларини импорт қилган.

Шу даврда Ўзбекистондан Австрияга ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар экспорти 34,5 тоннани ташкил этган.