Тошкент, Ўзбекистон — Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилнозахон Каттахонова ҳамда Гарвард университетининг “Harvard Growth Lab” маркази асосчиси ва директори Рикардо Ҳаусманн ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда асосий эътибор юртимиз хотин-қизларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг барқарор даромад топиши учун замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилди. Томонлар аёллар бандлигини ошириш салоҳиятига эга бўлган истиқболли тармоқларни белгилаш ҳамда бу борадаги мавжуд тўсиқларни чуқур таҳлил қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда, “Хотин-қизлар лидерлик академияси”ни халқаро тажриба ва илғор таълим дастурлари асосида нуфузли платформага айлантириш таклифлари кўриб чиқилди.
Якунда барча йўналишлар бўйича аниқ маълумотларга асосланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
