Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамкорлигида ANORA (Agrifood Investment Opportunities for Resilient Agriculture) платформасини амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган онлайн ҳамкорлар учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув платформани амалий фаолиятга жорий этиш ҳамда манфаатдор давлат органлари, халқаро молия институтлари, ривожланиш ҳамкорлари ва донор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир давомида Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Н.Қўшназаров ҳамда Лойиҳа офиси вакиллари томонидан Ўзбекистонда аграр озиқ-овқат тизимини трансформация қилишнинг устувор йўналишлари ҳамда ушбу соҳадаги инвестиция эҳтиёжлари юзасидан тақдимот қилди. Шунингдек, ЕТТБ ва ФАО Инвестициялар маркази томонидан ANORA платформасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, уни амалга ошириш механизмлари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги, тижорат банклари, шунингдек, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки (ОТБ), ФАО, GEF, GCF, GGGI, UNDP, GIZ, Европа Иттифоқи, Ўзбекистоннинг Германия ва Буюк Британиядаги элчихоналари ҳамда 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва ривожланиш ҳамкорлари вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида ANORA платформаси доирасида инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш, молиявий ва техник кўмакни сафарбар этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашган ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, платформани амалга оширишнинг кейинги босқичлари, устувор йўналишлари ва ҳамкорлик механизмлари юзасидан келишувларга эришилди.
Мазкур учрашув ANORA платформасини амалиётга татбиқ этиш, «яшил» инвестицияларни сафарбар этиш ҳамда давлат органлари, халқаро молия институтлари ва ривожланиш ҳамкорлари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
