in

Рақобат қўмитаси Zarofattex’нинг Uztex Group’га қўшилишига розилик берди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш қўмитаси Zarofattex МЧЖнинг Uztex Group МЧЖга қўшилишини назарда тутувчи иқтисодий концентрация битимини маъқуллади.

Вазирлик маълум қилишича, битимни амалга ошириш учун розилик олиш бўйича мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Uztex Group трикотаж кийимлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритса, Zarofattex тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қўмита махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижасида битимни амалга ошириш тегишли товар бозоридаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Кўриб чиқиш натижаларига кўра, Қўмита аризани қаноатлантириш ва иқтисодий концентрация битимини амалга оширишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

Корхона ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Uztex Group’нинг устав фонди 300,56 млрд сўмни ташкил этади. Компаниянинг 89,9983 фоиз улушига эга асосий таъсисчиси Корея Республикаси фуқароси Ким Чжон (Kim Jong) ҳисобланади. Яна 10 фоиз улуш Тимур Ғаниевга, қолган 0,0017 фоиз улуш эса Елена Канга тегишли.

2022 йилда ташкил этилган Zarofattex пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг устав капитали 1 млн сўмни ташкил этади. Компаниянинг ягона таъсисчиси сифатида Шерзод Худайбердиев, раҳбари сифатида эса Рашид Каримов кўрсатилган.

Ҳар икки компания ҳам Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган. Шу билан бирга, очиқ маълумотларга кўра, Zarofattex’нинг рўйхатдан ўтиш маълумотларида кўрсатилган манзил Uztex Group’га ҳам тегишли.