in

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд ўрнатилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Ягона энергетика тизимида 15 июль куни электр энергиясини суткалик истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш бўйича янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Суткалик электр энергияси истеъмоли 288,1 миллион кВт·соатга етди ва бу ёзги мавсум учун янги максимум бўлди. 14 июль куни қайд этилган аввалги рекорд — 284 миллион кВт·соат 4,1 миллион кВт·соатга, ёки 1,44 фоизга янгиланди.

Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳам рекорд янгиланди. Мамлакат электр станциялари бир суткада 291,4 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу 14 июль куни қайд этилган аввалги 287,3 миллион кВт·соатлик максимумдан 4,1 миллион кВт·соатга, ёки 1,43 фоизга юқори.

Вазирликнинг маълум қилишича, юқори юклама шароитида энергетика корхоналарининг авария-таъмирлаш бригадалари барқарор электр таъминотини таъминлаш ва юзага келаётган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида кучайтирилган тартибда ишламоқда.

Хусусан, 15 июль куни мутахассислар Тошкент шаҳрининг Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Сергели туманларидаги электр тармоқларининг айрим участкаларида юзага келган шикастланишларни бартараф этди.

Бундан ташқари, соат 10:56 да Фарғона вилоятидаги «Л-Арсиф-1» электр узатиш линиясида носозлик қайд этилди. Бунинг оқибатида Қува туманининг истеъмолчиларининг бир қисми вақтинча электр таъминотисиз қолди. Соат 11:35 га келиб мутахассислар носозликни бартараф этиб, электр энергияси таъминотини тўлиқ тиклади.

16 июль куни тунги соат 00:12 да Тошкент шаҳридаги подстанциялардан бирида ҳам носозлик қайд этилди. Бунинг натижасида Чилонзор ва Яккасарой туманларининг айрим ҳудудларида вақтинча электр таъминоти узилди. Вазирлик маълумотига кўра, тиклаш ишлари давом этмоқда.

Идорада таъкидланишича, электр станциялари, подстанциялар, трансформатор пунктлари, электр узатиш линиялари ва бошқа ускуналарни модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, мавсумий юқори юклама даврларида энергия таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида уларнинг қувватини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Энергетика вазирлиги максимал истеъмол соатларида электр тармоқларидаги техник носозликлар сабабли айрим ҳудудларда қисқа муддатли электр таъминотида узилишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шунингдек, мамлакат аҳолиси ҳавонинг ғайриоддий юқори ҳарорати даврида электр энергиясидан оқилона фойдаланишга чақирилди.