Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон илк бор Сингапур халқаро заргарлик кўргазмасида иштирок этиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан иборат миллий павильонни намойиш қилди.
9–12 июль кунлари бўлиб ўтган кўргазмада “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ҳамда қатор маҳаллий заргарлик корхоналари вакиллари “Made in Uzbekistan” бренди остида кенг турдаги маҳсулотларни тақдим қилди.
Ўзбекистон миллий павильони кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хорижлик ҳамкорлар Ўзбекистонда тайёрланган заргарлик буюмларининг сифати, дизайни, ўзига хослиги ва рақобатбардошлигини юқори баҳолади.
Кўргазма доирасида заргарлик буюмларининг чакана савдосига ихтисослашган Сингапурнинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида алоҳида учрашувлар ҳам ташкил этилди.
Музокараларда Ўзбекистон маҳсулотларини Сингапур бозорига тўғридан-тўғри етказиб бериш, маҳаллий савдо тармоқлари орқали сотувни йўлга қўйиш ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиш, музокаралар ўтказиш ва заргарлик буюмларига буюртмалар бериш масалаларини ишлаб чиқиш мақсадида манфаатдор компаниялар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.
Ўзбекистон делегациясининг кўргазмадаги иштироки “Made in Uzbekistan” миллий брендини илгари суриш ҳамда маҳаллий заргарлик маҳсулотларининг Сингапур ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорларига чиқиши учун шароит яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.
