Тошкент, Ўзбекистон — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошига келиб Ўзбекистонда 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич ўтган ўқув йили бошига нисбатан еттитага камайган.
Жами олий таълим муассасаларининг 97 таси нодавлат олий ўқув юртлари ҳисобланади.
Олий таълим ташкилотларининг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, бу ерда 98 та олийгоҳ фаолият кўрсатмоқда. Тошкент вилоятида уларнинг сони 19 тани, Самарқанд вилоятида эса 14 тани ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида ҳар бири 11 тадан олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Андижон, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида эса ҳар бирида 9 тадан олийгоҳ мавжуд.
Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 8 тадан олий ўқув юрти фаолият кўрсатса, Наманган вилоятида уларнинг сони 6 тани ташкил қилади.
Жиззах ва Навоий вилоятларида 5 тадан олий таълим муассасаси жойлашган. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудда 3 та олий таълим муассасаси фаолият юритади.
