Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларини янада қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларида профессионал ва салоҳиятли кадрлар қатламини шакллантиришни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси билан давлат хизматчиси нуфузли хорижий таълим муассасасига магистратура ёки докторантурага ўқиш бўйича тўлиқ грант ютганда, иш берувчининг ёзма розилиги асосида унинг иш ўрни (лавозими) сақланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, иш берувчи томонидан розилик беришда ўқув дастурининг йўналиши ушбу давлат органи фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлишини инобатга олиш назарда тутиляпти.
Лойиҳада ўқув дастури якунлангандан сўнг давлат фуқаролик хизматчиси зиммасига тегишли давлат органи тизимида хорижда таҳсил олиш даврига тенг муддатга ишлаб бериш мажбурияти ҳам юкланмоқда.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизматчисининг хорижда ўқиш даври унинг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши, кўп йиллик хизмати учун ҳар ойлик устама белгилашда инобатга олиниши акс этмоқда.
Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди.
