Тошкент, Ўзбекистон — Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида Nexia-2 автомобилига ўрнатилган газ баллони портлади. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна икки нафар фуқаро турли даражада жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Идора маълумотига кўра, ҳодиса 8 июль куни соат 07:23 да «Қурувчилар» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Қарши — Бухоро йўналишидаги А-380 автомобиль йўлининг 128-километрида содир бўлган.
Портлаш оқибатида автомобиль йўловчиларидан бири воқеа жойида вафот этган. Яна икки нафар жабрланувчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига етказилган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасида қайд этилишича, портлашдан кейин автомобилда ёнғин юзага келмаган.
Мазкур ҳодиса юзасидан текширув ўтказилмоқда.
