Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Сенаторлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этадиган устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқеини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг мутасаддилари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
2025 йилда мамлакат учун устувор деб белгиланган 20 та халқаро рейтинг ва индекслардан 14 тасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари яхшиланди, 4 тасида ҳолат ўзгармасдан қолди, 2 таси бўйича эса натижалар эълон қилинмаган.
Ушбу натижалар давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги, аниқ индикаторлар асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси экани таъкидланди.
Жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғонага юқорилаб, 167 давлат орасида 62-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2015 йилдан бери барқарор ривожланиш соҳасида энг сезиларли тараққиётга эришган давлатлар қаторидан жой олиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори тараққиёт суръатини намоён этаётган мамлакат сифатида эътироф этилди.
Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 193 та давлат орасида 63-ўринни эгаллаб, 6 поғонага юқорилади. Республикамиз электрон ҳукумат соҳасида ривожланиш бўйича “юқори” гуруҳдан “жуда юқори” гуруҳга кўтарилган 17 та давлатдан бирига айланди.
Иқтисодий эркинлик индексида ҳам 3 поғонага ўсиш қайд этилди. Fitch Ratings ва “S&P” агентликлари эса 2018 йилдан бери илк маротаба ўзининг баҳосини “ВВ-” дан 1 поғона юқорига – “ВВ” (барқарор кутилма) даражасида тасдиқлади. Жорий йилда эса Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га яхшилади.
Ушбу ижобий ўзгаришлар мамлакатимизга хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этиш, халқаро молия бозорларидан арзонроқ ресурслар олиш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлашда халқаро ҳамкорлар учун аниқ кафолат бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокама давомида таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг миллий тизими яратилган ва шу тариқа парламент назорати кучайтирилган. Ҳар йили тайёрланадиган миллий маърузада давлат органлари фаолияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзасидан холис ва таҳлилий маълумотлар тақдим этилмоқда.
Шу билан бирга, Миллий маъруза таҳлиллари айрим рейтинг ва индексларда пасайиш ҳолатларини ҳам кўрсатди. Хусусан, айрим соҳалардаги коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этишдаги муаммолар, матбуот эркинлигига оид камчиликлар мамлакатимизнинг рейтинглардаги мавқеига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда соҳалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, масъулиятни ошириш ҳамда рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир этувчи индикаторлар юзасидан янги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
