Тошкент, Ўзбекистон — 9 июль куни Тошкент шаҳрида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Шерзод Озодзода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов ҳамда MEDEF International таркибидаги Франция–Ўзбекистон Тадбиркорлар кенгаши раиси Клод Имовен иштирокида Ўзбекистон–Франция давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда 17 та француз компанияси вакиллари иштирок этди.
MEDEF International – Франция бизнесининг халқаро савдо, технологик ҳамкорлик ва хорижий бозорларда узоқ муддатли инвестициявий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашувчи етакчи платформаларидан бири ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 млрд долларни, 2026 йилнинг январь–май ойларида эса 775 млн долларни ташкил этди (ўсиш — 150%).
Томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Амалга оширилаётган йўналишлар қаторида EDF компаниясининг энергетика соҳасидаги 2 млрд долларлик лойиҳалари, Орано компаниясининг Навоий вилоятидаги 600 млн долларлик саноат лойиҳаси, шунингдек Вольталиа компаниясининг қуёш ва шамол энергетикаси соҳасидаги 325 млн долларлик ташаббуслари мавжуд.
