Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятининг янги тартиби жорий этилмоқда. Профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилади, улар фаолиятининг асосий кўрсаткичларидан бири аҳолининг ишонч даражаси бўлади. Тегишли Президент қарори — 2026 йил 4 сентябрдаги ПҚ–314-сон қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, жамоат хавфсизлиги учун масъул ички ишлар органлари бўлинмалари ягона тизим сифатида фаолият юритади. Хизмат йўналиши ва хизмат ҳудудидан қатъи назар, фуқароларнинг мурожаатларига тезкор муносабат билдиришга устувор аҳамият берилади.
Асосий вазифалардан бири аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш этиб белгиланди. Ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши керак.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келувчи сабаб ва омилларни ҳар куни бевосита жойида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан манзилли профилактика ишларини олиб бориш назарда тутилмоқда.
Профилактика инспекторларининг маъмурий ваколатлари кенгайтирилади. Улар ўз ваколатига кирадиган биринчи марта содир этилган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликларнинг 17 тури бўйича маъмурий огоҳлантириш беришлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, инспекторларга маҳаллалар кўчалари ва йўлларида йўл ҳаракати қоидаларининг тўрт турдаги бузилиши бўйича маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи берилади. Туман ёки шаҳар ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарлари ваколатига кирадиган яна тўққиз турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича инспекторлар ишларни мустақил кўриб чиқиши ва жазо қўллаши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Қарорнинг айрим қоидалари профилактика инспекторларининг мақоми ва улар фаолиятини баҳолаш тизимини ўзгартиришга қаратилган. Уларнинг касбий мақсади бириктирилган ҳудудда аҳолининг ишончини ошириш ва жиноятчиликни жиловлаш этиб белгиланган.
Бунда инспекторларга уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади. Шунингдек, уларнинг бевосита ёки тўғридан-тўғри раҳбари бўлмаган раҳбарлар инспекторларга топшириқ ва кўрсатмалар бера олмайди.
Аҳоли томонидан овоз бериш орқали профилактика инспекторининг фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириш механизми ҳам жорий этилади. Бундай овоз бериш натижалари интизомий чоралар, ҳатто ички ишлар органларидан бўшатишгача бўлган чораларни қўллаш учун асос бўлиши мумкин.
Профилактика инспекторлари электрон шаклда юритаётган маъмурий ишлар кўриб чиқилаётганда судлар зарурат бўлмаса, ҳужжатларни қўшимча равишда қоғоз шаклида талаб қилмаслиги керак.
Инспекторнинг бириктирилган ҳудуддаги фаолияти самарадорлиги, аввало, аҳолининг ишонч даражаси, хавф гуруҳига кирувчи шахслар ўртасидаги жиноятчилик даражаси ва такрорий маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони асосида баҳоланади.
2026 йил 1 ноябрдан патруль-пост ва қўриқлаш бўлинмалари патруль хизмати давомида «112» тизими орқали келиб тушган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарлар бўйича, шу жумладан фуқароларнинг турар жойларига ҳам чиқади.
Кун-у тун фаолият юритадиган гастрономик кўчаларда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида патруль-пост хизмати томонидан амалга оширилади.
Оммавий тадбирлар вақтида жамоат тартибини бузган шахслар учун кейинги оммавий тадбирларга киришни вақтинча чеклаш чораси белгиланади.
Қарорда Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ўртасида айрим вазифаларни «Турли вазифалар — ягона ваколатлар» тамойили асосида қайта тақсимлаш ҳам назарда тутилган.
Патруль-пост ва қўриқлаш бўлинмаларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ваколатлар берилади. Жумладан, улар патруль йўналишларида, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, таълим муассасалари яқинида ва марказий кўчаларда чорраҳалардаги тирбандликларни бартараф этиш ишларида иштирок этиши мумкин бўлади.
Уларга, шунингдек, йўлларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларга тезкор муносабат билдириш, уларнинг олдини олиш, жамоат тартибини таъминлаш ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилади.
Ўз навбатида, Йўл-патруль хизматига жамоат тартибини таъминлаш бўйича айрим ваколатлар берилади. Хусусан, ЙПХ ходимлари кўчалар ва жамоат жойларидаги ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳуқуқбузарларни таъқиб қилиш ва ушлаш, шунингдек, уларни ички ишлар органларига олиб боришлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, ЙПХ белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, суюқ маиший чиқиндиларни оқизиш, шунингдек, жамоат жойларида алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳолатлари бўйича ишларни кўриб чиқади ва тегишли маъмурий жазоларни қўллайди.
