Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилояти ҳокимлиги хорижий инвесторлар билан Чорвоқ ҳудудини ривожлантириш ва тиббиёт туризмини йўлга қўйиш каби туристик лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашувлар 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Хитой, Мексика ва Покистон вакиллари билан музокаралар ўтказди. Томонлар ҳудуднинг туристик ва инвестициявий салоҳияти, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқди.
Хитойлик инвесторлар билан учрашувда вилоят ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Айниқса, Чорвоқ ҳудудида йирик туристик объект барпо этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хитой вакиллари ҳудуднинг туристик жозибадорлиги ва лойиҳани амалга ошириш имкониятларига қизиқиш билдирди. Учрашув иштирокчилари унинг дастлабки концепцияси юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мексикалик ташаббускорлар Тошкент вилоятида туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш, мавжуд хизматлар турини кенгайтириш ва янги туристик маҳсулотларни яратиш бўйича таклифларини тақдим этди.
Бундан ташқари, музокаралар иштирокчилари соҳа ривожининг истиқболли йўналишларидан бири сифатида тиббиёт туризмини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, ушбу йўналишда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги инвесторлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни амалга оширишга зарур кўмак кўрсатиш ва хорижий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Бундай мулоқотлар халқаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, туристик хизматлар турларини диверсификация қилиш, янги инвестицияларни жалб этиш ва вилоят туристик инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
