in

Ўзбекистон Chaanakya Capital билан тиббиёт технологиялари соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Chaanakya Capital инвестиция компанияси билан тиббиёт технологиялари ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Бу масала 2026 йил 26 ноябрь куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг компания вакиллари билан учрашувида муҳокама қилинди.

Учрашувда Chaanakya Capital асосчиси ва бошқарувчи директори Варун Турлапати (Varun Turlapati), шунингдек, компаниянинг илмий-техник маслаҳатчиси, нейротехнологиялар ва тиббиёт инновациялари соҳаси эксперти доктор Жохана Каролина М. Вега Леонель (Johana Carolina M. Vega Leonel) иштирок этди.

Томонлар нейротехнологиялар, нейрохирургия, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва биофармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Неврологик касалликларни эрта ташхислаш технологиялари, роботлаштирилган жарроҳлик, замонавий тиббий қурилмаларни ишлаб чиқиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига инновацион ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, тиббиёт технологиялари соҳасидаги стартапларни қўллаб-қувватлаш, инкубация дастурларини ташкил этиш ва маҳаллий мутахассислар учун таълим ташаббусларини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Музокаралар якунида томонлар тақдим этилган технологияларни янада чуқур ўрганиш, ҳамкорликка ихтисослашган илмий ва тиббиёт муассасаларини жалб этиш ҳамда қўшма лойиҳалар учун истиқболли йўналишларни белгилаш юзасидан фикр алмашди.