Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон 2027–2036 йилларга мўлжалланган микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш миллий стратегиясини тайёрламоқда. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ушбу мақсадлар учун 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида техник ёрдам ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
ОТБ маблағлари қандай тақсимланади?
Умумий маблағнинг 1 миллион доллари бевосита стратегияни ишлаб чиқишга йўналтирилади. Қолган 200 минг доллар эса консультантларни жалб қилиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш дастурини йўлга қўйиш учун ажратилади.
Ҳужжатни тайёрлаш бўйича халқаро консалтинг компаниясини танлаш тендери 2026 йил 15 октябрда якунланди. Унда АҚШ, Сингапур, Малайзия ва Ўзбекистондан бешта компания ўз ҳужжатларини тақдим этди.
Стратегияни кимлар ишлаб чиқади?
Стратегияни тайёрлаш жараёнига халқаро ва маҳаллий экспертлар, жумладан, яримўтказгичлар саноатида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассислар жалб қилинмоқда. Халқаро консультант сифатида америкалик Гленн Куиро (Glenn Quiro) иштирок этмоқда.
У яримўтказгичлар соҳасида 25 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритади. Шундан 17 йилини Intel корпорациясида ўтказган. Мутахассис микроэлектрон ва яримўтказгич қурилмалар физикаси ҳамда муҳандислигига ихтисослашган.
Маҳаллий консультант — фалсафа доктори (PhD) Ойбек Абдулхаев (Oybek Abdulxayev). Унинг яримўтказгичлар соҳасидаги тажрибаси 15 йилдан ортиқ бўлиб, электроника ва яримўтказгичлар физикасига ихтисослашган.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш
Кадрлар салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида 300 нафар номзод орасидан 50 нафар иштирокчи танлаб олинди. Улар учун интеграл схемаларни лойиҳалаш (IC Design) бўйича ўқув курслари ташкил этилди.
Малайзиядаги дастлабки стипендия асосидаги тайёрлов курсларида иштирок этиш учун энг яхши натижа кўрсатган 20 нафар номзод сараланди. Яна 20 нафар номзод ва ўқитувчи икки ой муддатга Жанубий Кореянинг Сунсиль ва Хосео университетларига юборилмоқда. Шунингдек, мутахассисларни fabless компанияларида амалиёт ўташга юбориш режалаштирилган.
Ҳиндистоннинг NIELIT институти билан ҳамкорликда «ToshTech» техника университети базасида VLSI ва яримўтказгич технологиялари бўйича бепул кириш ўқув дастури ташкил этилмоқда. Дастур бакалавриат ва магистратура талабалари, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, муҳандислар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларидан иборат 100 нафар иштирокчига мўлжалланган.
Таълим икки йўналишда олиб борилади: IC Design — интеграл схемаларни лойиҳалаш ҳамда APT — яримўтказгичларни йиғиш, корпуслаш ва синовдан ўтказиш.
Давлат хизматчилари учун таълим дастурлари
Давлат органлари ходимларининг ҳам ушбу соҳа бўйича билимларини оширишга эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда ташкил этилган семинар-тренингда 19 та вазирлик ва идорадан 43 нафар раҳбар иштирок этди.
2026 йилда Strategic Workshop Lab тадбирида 30 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотдан 50 нафардан зиёд раҳбар ва масъул ходим қатнашди.
2026 йил 30 сентябрда ўтказилган яна бир семинарда 10 дан ортиқ вазирлик ва идорадан 30 нафардан зиёд раҳбар иштирок этди.
Умуман олганда, қарийб 130 нафар давлат хизматчисининг яримўтказгичлар соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди. Ўқув дастурлари таълим, яримўтказгичлар қиймат занжири, давлат бошқаруви ва стратегик қарорлар қабул қилиш масалаларини қамраб олди.
