Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда йўл қатнов қисми орқали қувур ўтказиш ишлари олиб борилиши муносабати билан Шаҳрисабз кўчасида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Ишлар Миробод туманида 7 ноябрдан 8 ноябрга ўтар кечаси ҳамда 8 ноябрдан 9 ноябрга ўтар кечаси амалга оширилади.
Ҳаракат чекловлари икки босқичда жорий этилади. Биринчи босқичда, 7 ноябрь соат 22:00 дан 8 ноябрь соат 06:00 гача Шаҳрисабз кўчасининг Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмасидан Ойбек чорраҳасигача бўлган қисмида транспорт ҳаракати чекланади.
Иккинчи босқичда, 8 ноябрь соат 22:00 дан 9 ноябрь соат 06:00 гача Ойбек чорраҳасидан Амир Темур шоҳкўчаси билан кесишмагача бўлган йўл қисмида ҳаракат чекловлари амал қилади.
Ҳайдовчиларга йўналишларини олдиндан режалаштириш, муқобил айланма йўллардан фойдаланиш ва вақтинчалик йўл белгилари талабларига риоя қилиш тавсия этилмоқда.
Ишларни ташкил этувчилар вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.
