Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи арафасида Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон–Грузия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов, Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Георгий Пертая ҳамда икки мамлакатнинг етакчи тадбиркорлари иштирок этдилар.
Мулоқот марказида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри шерикликни мустаҳкамлаш масалалари бўлди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, 2017–2025 йилларда товар айирбошлаш ҳажми 89 миллион доллардан 267,6 миллион долларгача ошди. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Грузияга экспорти 77,2 миллион доллар, импорт ҳажми эса 190,4 миллион долларни ташкил этди.
Иштирокчилар эркин савдо режими ва транспорт-логистика имкониятларидан янада самарали фойдаланиш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини истиқболда 1 миллиард АҚШ долларига етказиш мумкинлигини таъкидладилар.
Шунингдек, фармацевтика, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, виночилик ҳамда транспорт-логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ йўналишлар кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган B2B учрашувлари эса тадбиркорларга янги шериклар топиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалий келишувларга эришиш учун самарали майдон вазифасини ўтади.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Грузия ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш, қўшма инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ишбилармонлар кенгаши доирасидаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
