Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда қарийб 95 кг гашишни мусодара қилди. Бу ҳақда «Газета»га Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусен Тангриев маълум қилди.
Гиёҳвандлик моддаси дала ҳудудидаги дарахтлар орасида тўртта хўжалик халтасига яширилган.
Жами халталардан гашиш солинган 109 та пакет топилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар яширилган юкни олиб кетиши керак бўлган шахслар пайдо бўлишини кутиб, ҳудудни бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида кузатиб борган. Натижада икки нафар эркак ушланган.
Терговнинг кейинги босқичи доирасида гиёҳвандлик моддаларини далага яшириш, сўнгра эса уларни олиб чиқиб кетишни ташкил этишни топширган шахс ҳам ушланган.
У муқаддам бензин контрабандаси билан боғлиқ Божхона қўмитаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган.
Катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари аниқлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Мутахассислар баҳосига кўра, мусодара қилинган гашиш миқдори қарийб 700 минг дозага тенг. Агар партиянинг барчаси якуний истеъмолчиларга сотилганида, унинг қора бозордаги қиймати 10 миллион доллардан ошиши мумкин эди.
