Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йилда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўз маблағлари ҳисобидан 29,3 миллиард АҚШ доллари ажратди ва шу билан бирга Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларини ўзгариб бораётган глобал шароитларга мослаштиришга қаратилган институционал ислоҳотларни илгари сурди.
ОТБнинг 2025 йил учун эълон қилинган йиллик ҳисоботида қайд этилишича, молиялаштириш ҳажми 2024 йилга нисбатан 20 фоизга ошган. Банк баҳолашига кўра, амалга оширилган дастурлар 3,3 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратишга ва 180 миллиондан зиёд аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилиши мумкин.
Қўшимча равишда шериклар томонидан 14,7 миллиард АҚШ доллари жалб қилинган. Кредитлар, грантлар, инвестициялар, кафолатлар ва техник ёрдамларни ўз ичига олган умумий молиялаштириш ҳажми 29,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
2025 йилда ОТБнинг устувор йўналишларидан бири хусусий секторни ривожлантириш бўлиб, унга 5,5 миллиард АҚШ доллари йўналтирилган. Давлат молиялаштиришининг катта қисми инфратузилма, институционал ислоҳотлар ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш механизмларига қаратилади.
Ҳудудлар кесимида маблағлар қуйидагича тақсимланган: Марказий ва Ғарбий Осиёга 8,3 миллиард доллар, Жанубий Осиёга 9,7 миллиард доллар, Жануби-Шарқий Осиёга 9 миллиард доллар, Шарқий Осиёга 1,4 миллиард доллар, Тинч океани минтақасига 680 миллион доллар ва минтақавий лойиҳаларга 302 миллион доллар йўналтирилган.
Шунингдек, 2025 йилда банк қатор институционал ислоҳотларни тасдиқлади. Улар орасида акциядорлар капитали оширилмасдан молиялаштириш ҳажмини 50 фоизга ошириш имконини берувчи уставга ўзгартишлар, янгиланган энергетика сиёсати, харид жараёнларини оптималлаштириш ва стратегик тармоқларда қиймат яратиш занжирларини ривожлантиришга янгича ёндашув мавжуд.
ОТБ Осиё-Тинч океани минтақасида барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўп томонлама тараққиёт банки сифатида фаолиятини давом эттирмоқда ва у 69 та аъзо давлатни, жумладан 50 та минтақавий мамлакатни бирлаштиради.
