Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan Жанубий Африка Республикаси билан BPO, IT ва глобал бизнес хизматлари соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. IT Park делегациясининг Йоханнесбургга ташрифи доирасида томонлар Жанубий Африка компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
22 сентябрь куни Йоханнесбургда биринчи «Ўзбекистон — Жанубий Африка Республикаси» бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда давлат органлари, бизнес уюшмалари, шунингдек, икки мамлакатнинг 60 дан ортиқ компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди. IT ва рақамли хизматлар икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Ташриф давомида IT Park вакиллари Global Business Services ва BPO экотизими иштирокчилари, технологик компаниялар ҳамда ЖАР тараққиёт институтлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Ўзбекистонда янги сервис ва delivery-марказларни очиш, маҳаллий жамоаларни шакллантириш ҳамда мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Асосий ҳамкорлардан бири ЖАРнинг GBS/BPO соҳасидаги миллий тармоқ ташкилоти Business Process Enabling South Africa (BPESA) бўлди. Учрашувда томонлар халқаро компанияларни қўллаб-қувватлаш, delivery-марказларни ишга тушириш ва соҳани ривожлантириш механизмларини кўриб чиқди. Шунингдек, BPESA ёндашувлари билан IT Park Uzbekistan’нинг Softlanding ва Zero Risk дастурлари ўртасидаги ўхшашликлар қайд этилди.
Томонлар ЖАРнинг GBS/BPO секторидаги компанияларининг Ўзбекистон бозорига чиқиш имкониятларини ўрганиш ҳамда Кейптаундаги BPESA жамоаси билан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Ҳамкорлик масалалари Gauteng Growth and Development Agency (GGDA) билан учрашувда ҳам муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари Гаутенг провинцияси компаниялари ва IT Park Uzbekistan экотизими ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, истиқболли лойиҳалар ҳақида ахборот алмашиш ва янги бизнес алоқаларини шакллантириш масалаларини кўриб чиқди. GGDA Жанубий Африка компаниялари ва ташкилотлари билан кейинги ҳамкорликка кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
ЖАР Савдо, саноат ва рақобат департаменти (DTIC) билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказилди.
Томонлар икки мамлакат стартаплари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва технологик экотизимлар ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
Хусусий сектор вакиллари билан учрашувлар BPO, HR-аутсорсинг, булутли технологиялар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва рақамли трансформация йўналишларини қамраб олди. Жанубий Африка компаниялари Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳияти ва мамлакатда янги операцияларни жойлаштириш имкониятларига қизиқиш билдирди.
GRIFFILEE PROMOTIONS, ITM Katope, AT Business Solutions, Encore Strategic Partners, 3 Worx IT ва Matiwane Diplomatic Consulting компаниялари IT Park Uzbekistan делегацияси билан музокараларда иштирок этди.
Кейинги босқич эришилган алоқаларни амалий лойиҳаларга айлантириш, жумладан, Жанубий Африка бизнесини Ўзбекистонга жалб қилиш, delivery ва back-office марказларини ташкил этиш ҳамда икки мамлакатнинг IT ва BPO экотизимлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлади.
