Тошкент, Ўзбекистон — 2020 йил бошидан буён Yandex Maps’да Ўзбекистон бўйича халқ картографлари – мамлакат харитасини аниқлаштиришга кўмаклашувчи фойдаланувчилар ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари билан 1 миллиондан ортиқ янги объект пайдо бўлди.
Улар йўллар, манзиллар, уйлар, ташкилотлар ва шаҳар инфратузилмасининг бошқа муҳим элементларини харитага қўшиб келмоқда. Шу давр мобайнида ҳамжамият иштирокчилари қарийб 1,75 миллионта таҳрир киритиб, маршрутларни янада аниқ қуриш, керакли манзилларни тезроқ топиш, шунингдек, етказиб бериш ва такси хизматлари ишини енгиллаштиришга ҳисса қўшди.
“Халқ харитаси” — Yandex Maps’нинг фойдаланувчиларга харитани мустақил равишда тўлдириш ва аниқлаштириш имконини берувчи хизмати. Модерациядан ўтган ўзгаришлар иловада акс этади ва барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлади.
Шу тариқа харитада кундалик ҳаёт учун муҳим бўлган маълумотлар пайдо бўлади: уйнинг аниқ манзили, керакли кириш йўлаги, янги йўл, ташкилот ҳақидаги янгиланган маълумот ёки ҳатто ҳовли ичидаги кичик сўқмоқ ҳам.
Ўзбекистонлик халқ картографи Тимур Ҳафизов шундай дейди:
“Мен учун картография – юртим ва атрофимдаги одамларга наф келтириш усули. Манзилни тўғриласангиз, янги йўл қўшсангиз ёки объект ҳақидаги маълумотни аниқлаштирсангиз, бу кичик таҳрирдек туюлади. Аммо кейин кимдир шу маълумот орқали уйни тезроқ топади, тез ёрдам хизмати керакли манзилга осонроқ етиб боради, турист эса нотаниш шаҳарда йўлини топиши енгиллашади. Ана шундай пайтларда бу оддий хобби эмас, балки одамларга ҳар куни ёрдам берадиган муҳим ҳисса эканини англайсиз”.
Фақат сўнгги бир йилнинг ўзида Ўзбекистон халқ картографлари 240 мингдан ортиқ таҳрир киритди. Жумладан, 109 мингта манзил ва уй маълумоти, 57 мингта йўл ва кўчага оид ўзгартиш, шунингдек, 38,5 мингта ташкилот ҳақидаги маълумот янгиланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда халқ картографларининг фаол ҳамжамияти шаклланган. Иштирокчилар мураккаб таҳрирларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва янги қатнашчиларга қоидаларни тезроқ ўзлаштиришда ёрдам бериш учун алоҳида чатга эга.
Бундан ташқари, ҳамжамият аъзолари офлайн учрашувлар ҳам ўтказади. Июнь ойида Yandex Uzbekistan офисида халқ картографларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар бир йиллик фаолият якунларини сарҳисоб қилди, харитани янада ривожлантириш режаларини муҳокама қилди ҳамда хизмат ривожига қўшган ҳиссаси учун компания томонидан тақдирланди.
Халқ картографи бўлиш учун махсус таълим ёки картография соҳасидаги тажриба талаб этилмайди. Бунинг учун хизмат қоидалари билан танишиш ва биринчи таҳрирни киритишнинг ўзи етарли. Иштирокчиларга модераторлар ёрдам беради: улар таҳрирни қандай яхшилаш мумкинлигини тушунтириб, ўзгартишларни нашрга тайёрлашга кўмаклашади. Лойиҳага қўшилишни хизмат сайти орқали бошлаш мумкин.
Шунингдек, ҳар қандай фойдаланувчи Yandex Maps иловасининг ўзида ҳам кичик таҳрирлар киритиши мумкин. Бунинг учун профиль белгисини босиб, «Харита муҳаррири» бўлимига ўтиш ва хатоликни тузатиш, тезкор таҳрир қолдириш ёки янги объект қўшиш кифоя.
