in

Ўзбекистон ва Италия in-vitro кўчат лабораториясини ташкил қилади

Тошкент, Ўзбекистон — Боку шаҳрида ўтаётган “Caspian Agro Week–2026” халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Италиянинг Vitroplant Italia SRL компанияси бош менежери Жерардо Грилли ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида томонлар боғдорчилик йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, мева дарахтлари учун юқори сифатли, вируслардан холи in-vitro кўчатларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш истиқболлари муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Вазир ўз нутқида Ўзбекистонда 400 минг гектардан ортиқ боғлар мавжудлигини, уларнинг салмоқли қисми эскирганини ва реконструкция талаб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдор интенсив боғларни барпо этиш устувор вазифа экани айтиб ўтилди.

Шунингдек, Фарғона вилоятида 200 гектар майдонда Европа навлари асосида намунавий боғлар ташкил этиш, шу билан бирга in-vitro лаборатория ва замонавий кўчатчилик базасини яратиш режалари тақдим қилинди.

Италия томони ўз навбатида компания фаолияти асосан мева кўчатлари етиштиришга ихтисослашганини, Европадаги йирик ин-витро лабораториялардан бирига эгалигини маълум қилди. Компания вакиллари сифатли ва сертификатланган кўчатлар етказиб бериш ҳамда илғор технологияларни трансфер қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув давомида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Vitroplant Italia SRL ўртасида Тошкент вилоятида йилига 8 миллион дона кўчат етиштириш қувватига эга in-vitro лаборатория ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Агентлик раҳбари Нурали Абдуллаевнинг маълум қилишича, келишувга кўра лаборатория 6 ой ичида барпо этилиб, тўлиқ ишга туширилади. Бундан ташқари, томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, интеллектуал мулк ва лицензиялаш масалаларини ўзаро келишув асосида тартибга солиш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида томонлар яқин истиқболда ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, аниқ лойиҳалар доирасида ишчи учрашувларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.