Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 22 сентябрь куни Йоханнесбург шаҳрида давлат тузилмалари, ишбилармонлик бирлашмалари ва икки мамлакат компаниялари вакилларини бирлаштирган биринчи «Ўзбекистон – ЖАР» бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда 60 дан ортиқ компания ва ташкилот вакиллари иштирок этди. Асосий эътибор савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
Иштирокчилар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, энергетика, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари ва туризмни қайд этдилар.
Шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш, шунингдек, икки мамлакат компанияларининг Марказий Осиё ва Африка бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Форум доирасида бизнес вакиллари ўртасида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Томонлар маҳсулот етказиб бериш, логистика ва божхона инфратузилмасини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспортчиларни Ўзбекистон ва ЖАР бозорларида илгари суриш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Тадбир якунлари бўйича амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, томонлар ўзаро бизнес-миссиялар ташкил этишга келишиб олдилар.
Иштирокчилар «Ўзбекистон – ЖАР» бизнес-форумини мунтазам равишда ўтказиб бориш ғоясини қўллаб-қувватладилар. Мазкур майдондан икки мамлакат ўртасида янги савдо ва инвестиция ташаббусларини илгари суриш учун фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
