Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Хитойнинг Honghua Group Limited компанияси президенти Чжан Сяодун билан учрашув ўтказди. Томонлар амалдаги шартномаларнинг бажарилиши, бурғилаш ускуналарининг сифати ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири ҳар бирининг юк кўтариш қуввати 450 тоннани ташкил этувчи тўртта бурғилаш қурилмасини етказиб бериш бўйича шартнома ижроси бўлди.
Абдуғани Сангинов завод синовлари ва қабул қилиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, ускуналарни сифат ва ишончлилик талабларига риоя қилган ҳолда келишилган муддатларда етказиб бериш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув иштирокчилари автоматлаштирилган бошқарув тизимига эга яна тўртта ZJ70 русумли бурғилаш қурилмасини харид қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш биринчи шартнома бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишига боғлиқ бўлади.
Томонлар замонавий технологиялар билан ишлаш учун мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Honghua Group томонидан бурғилаш симуляторини ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди. У бурғилаш йўналишида таҳсил олаётган талабаларга амалий кўникмаларни машқ қилиш ва замонавий ускуналарда хавфсиз ишлашга тайёргарлик кўриш имконини беради.
Учрашув якунлари бўйича томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантириш ва келишилган вазифаларни изчил бажаришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
