Тошкент, Ўзбекистон — 12 октябрдан 16 октябрга қадар Тошкентда «Воқеалар горизонти» мавзусида XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади.
Хорижий ва ўзбекистонлик рассомларнинг асарлари пойтахтдаги етакчи музей ва галереяларда намойиш этилади. Дастурдан Самарқандга саёҳат ҳам ўрин олган бўлиб, бу мамлакат меҳмонларига замонавий санъат билан танишишни Ўзбекистоннинг тарихий мероси билан уйғунлаштириш имконини беради.
Тошкент халқаро биенналеси 2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинади. Бу йилги тадбир мавзуси инсоннинг технологик ва маданий ўзгаришлар остонасидаги ҳолатига бағишланган.
Биеннале концепциясига кўра, қадимий карвон йўллари кесишмасида жойлашган Тошкент умид ва янги маъноларни излаш рамзи бўлган «воҳа» сифатида талқин этилади.
Тантанали очилиш маросими 12 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади. Кейинги кунларда экспозициялар Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ўзбекистон Бадиий галереяси ҳамда Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданий карвон-саройида намойиш этилади.
Биеннале дастуридан перформанслар, маҳорат дарслари ҳамда халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўрин олган.
Алоҳида тадбир сифатида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Чархпалак» кўргазмаси ўтказилади.
Биеннале 16 октябрь куни якунланади.
2024 йилда бўлиб ўтган X Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида 30 га яқин мамлакатдан 40 дан ортиқ хорижий рассом ва бошқа иштирокчилар қатнашган.
