in

Ўзбекистонда туристик сувенирлар дизайни муаллифлари тақдирланди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда ихчам, сифатли ва ҳамёнбоп туристик сувенирлар яратишга қаратилган Uzbek Gift Contest танловининг биринчи босқичи якунланди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.

Танлов ҳаъкамлари келиб тушган 600 дан ортиқ ариза орасидан энг яхши 10 та дизайн ва эскизни саралаб олди. Ғолибларни тақдирлаш маросими 27 сентябрда нишонланадиган Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тадбир доирасида бўлиб ўтди.

Танлов Туризм қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг мақсади миллий ҳунармандчилик буюмларини сайёҳлар учун замонавий сувенирлар сифатида оммалаштириш ҳамда ҳудудлардаги усталарнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Биринчи босқичда дизайнерлар, рассомлар ва бошқа ижодий касб вакиллари ҳунармандчиликнинг 25 та йўналиши бўйича сувенир маҳсулотлари эскизлари ва концепцияларини тақдим этди. Ҳар бир ғолиб 12,5 млн сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Ғолиблар қуйидаги йўналишларда аниқланди: Абдуҳакимов Отажон макраме техникаси ва қўлда тўқиш буюмлари йўналишида, Исмоилова Дилбар ёғоч ўймакорлиги йўналишида, Пулатов Сардорбек сувенир буюмлари тайёрлаш йўналишида, Бозоров Аслиддин кичик пластика буюмларини тайёрлаш йўналишида ва Азимова Гулнора зардузлик йўналишида ғолиб бўлди.

Шунингдек, миллий қўғирчоқлар ва ўйинчоқлар тайёрлаш йўналишида Зоирова Лайло, босма нақшли матолар ва каштачилик буюмларини тайёрлаш йўналишида Ҳалматов Закиржон, тош ва суяк ўймакорлиги йўналишида Зиёдуллаев Жавоҳир, сувенир буюмлари тайёрлаш йўналишида Санатулин Данил ҳамда зарб техникаси ва мисгарлик йўналишларида Пулатов Сардорбек ғолиб деб топилди.

Ғолиб деб топилган 10 та дизайн ва эскиз танловнинг иккинчи босқичида амалий жиҳатдан ишлаб чиқариш учун усталарга топширилади.