Тошкент, Ўзбекистон — 30 июнь – 1 июль кунлари Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов олий даражадаги расмий ташриф арафасида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги амалий иқтисодий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказди.
Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили билан музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар савдо, инвестициялар ҳамда транспорт-логистика алоқаларини рағбатлантиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, шунингдек, жорий йил кузида Грузияда Ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилишини ўтказишни назарда тутувчи ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни келишиб олдилар.
Шу билан бирга, Грузиянинг 22 та компания ва ташкилоти раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Тўғридан-тўғри мулоқот якунида саноат, қурилиш, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ соҳаси ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларидаги лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди.
Молиявий йўналиш инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. TBC'инг Ўзбекистондаги фаолиятини янада ривожлантириш, халқаро фондлар маблағларини жалб этиш учун инвестиция платформасини яратисҳ, шунингдек, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
