in

Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқоричирчиқ туманларида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди. Ишлар махсус комиссия томонидан амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, куз-қиш мавсумида айрим иссиқхона хўжаликлари иситиш учун кўмир, мазут, автомобиль шиналари ва бошқа турдаги ёқилғилардан фойдаланган. Бу эса ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари меъёрларининг ошиб кетишига олиб келган. Натижада экологик вазият ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатилган ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган.

Аввалроқ ўтказилган текширувлар давомида ифлосланиш манбаларини бартараф этиш бўйича чоралар кўрилган бўлиб, бу атмосфера ҳавоси сифатини қисман яхшилаш имконини берган. Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида эндиликда иссиқхоналарни иситиш тизимларидан узиш ва уларни демонтаж қилиш жараёни бошланди.

Шунингдек, иссиқхона хўжаликларини иқлим шароити қулайроқ ҳудудларга, жумладан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Сурхон-Агро ҳудудига кўчириш назарда тутилган. Тадбиркорлар учун кредитларни қайтариш муддатини беш йилгача узайтириш ва уч йилгача имтиёзли давр бериш каби қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, 2028 йил 1 апрелга қадар иссиқхоналарни кўчириш чоғида уларни демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш харажатлари ҳар бир сотих ер майдони учун 500 минг сўмгача миқдорда қоплаб берилади.

Тадбиркорларга иссиқхоналарни кўчириш шартлари ва мавжуд қўллаб-қувватлаш чоралари тушунтирилмоқда. Шундан сўнг иссиқхоналар иситиш тизимларидан узилмоқда ва тегишли шартномалар бекор қилинмоқда.