in

Ўзбекистон ва Todua Clinic ўртасида меморандум имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Грузиянинг онкология ва юқори технологияли тиббий хизматлар соҳасидаги етакчи кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидан бири – «Todua Clinic» раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда клиник тадқиқотлар экотизимини ривожлантириш, халқаро клиник тадқиқотларни кенг жалб этиш, онкология соҳасида замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, клиник тадқиқотларни ташкил этиш ва бошқариш, GCP халқаро стандартларини амалиётга татбиқ этиш, илмий тадқиқот марказлари салоҳиятини ошириш, шифокорлар, клиник тадқиқотчилар ва фармацевтлар учун қўшма таълим дастурлари, малака ошириш курслари, стажировкалар ҳамда экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда «Todua Clinic» ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда, айниқса онкология соҳасида клиник тадқиқотлар салоҳиятини юксалтириш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.