in

Ўзбекистон ва УНИДО яшил технологиялар марказини яратишга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 22–24 июнь кунлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиевнинг Вена шаҳрига амалий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида Австрия раҳбарияти, йирик корпорациялар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари билан қатор музокаралар ўтказилди.

Мулоқотлар давомида Австрия молия вазири ўринбосари Андреас Райхардт, Иқтисодиёт, энергетика ва туризм вазирлиги вакили Элизабет Вайссебек, Леобен тоғ-геология университети раҳбарияти ҳамда BPG, Scotty Group, Leitner Ropeways, Fedaja, Frequentis ва ILF каби етакчи компанияларнинг топ-менежерлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда томонлар тоғ-кон саноати, инфратузилма, транспорт ва технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш бўйича ташкилоти (УНИДО) бош директори ўринбосари Фату Хайдара билан кечган учрашувнинг муҳим натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда Яшил саноат технологиялари минтақавий хабини ташкил этиш бўйича Қўшма декларация имзоланди.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси ОПEС Халқаро тараққиёт жамғармасининг 50 йиллигига бағишланган форумда ҳам иштирок этди.

Анжуман доирасида Акрам Алиев жамғарма вице-президенти Шайма Ал-Шайби билан учрашув ўтказиб, унда амалдаги лойиҳалар ҳолати кўриб чиқилди ва янги келишувлар мустаҳкамлаб қўйилди.