in

Шавкат Мирзиёев минтақавий инвестициялардаги номутаносибликни танқид қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари асосий масалага ўтишдан аввал ўтган ҳафта юксак савияда ўтказилган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига тўхталди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар билан 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилганини таъкидлади.

"Ҳар бир келишув лойиҳага, иш ўрнига, юқори қўшилган қийматга айланиши шарт", – деди Президентимиз.

Мутасаддиларга хорижий инвесторлар кўтарган 120 та таклифнинг ечими бўйича қарор киритиш топширилди.

Умуман, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар инвестиция сифати ва самарадорлиги бўйича ёндашувларини ўзгартириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги беш йилда юртимизга киритилган жами инвестициянинг ярми 4 та ҳудудга тўғри келган. Лекин жалб қилинган сармоянинг иқтисодиётга қайтими бўйича ҳудудлар ўртасидаги тафовут катта.

Масалан, 1 миллион сўмлик инвестиция Фарғонанинг ялпи ҳудудий маҳсулотига қўшимча 273 минг сўмлик, Самарқандда 262 минг сўмлик қўшилган қиймат беряпти. Лекин Бухорода бу атиги 117 минг сўм. Яъни ҳудудга олиб келинаётган инвестиция самараси бошқа ҳудудлардан 2 карра паст.

Ҳокимлар қайси туманида қайси тармоқни қандай ривожлантириш, нима лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази” ҳамда 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди.

Мисол учун, қурилиш материаллари тармоғига “ақл маркази” сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази ҳамда Материалшунослик институти ва Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.

Улар янги турдаги материалларга талаб, буни қоплаш учун қайси туманда нима лойиҳа қилиш, қандай технологиядан фойдаланиш, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.

Барча тармоқ раҳбарларига “ақл маркази”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини шу ёндашув асосида таҳлил қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.

Президентимиз қурилиш материаллари соҳасини қурувчининг ишончини қозониб, сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечим таклиф қиладиган тармоққа айлантириш лозимлигини таъкидлади.

Бундан 10 йил олдин маҳаллий қурилиш материаллари деганда қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилар эди. Бу нари борса қурилишда ишлатиладиган жами материалларнинг 35-40 фоизини ташкил қилган.

Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 4 мингдан ортиқ янги замонавий корхоналар ишга тушди.

Цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок, қуруқ қоришмалар каби асосий турдаги 20 дан ортиқ маҳсулотларга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди. Иссиқлик сақловчи, композит материал, экологик пардозлаш материаллари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматли янги йўналишлар жадал ривожланмоқда.

Умуман, янги уй-жойлар ва саноат бинолари қуришга керак бўладиган 98 фоиз материалларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига ўтган даврда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллиондан 53 триллион сўмга ошди. Соҳадаги экспорт ўтган йили 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.

Асосийси, ўтган даврда мазкур тармоқ импорт ўрнини қоплашнинг муҳим босқичидан ўтди.

Йил бошида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича катта дастур қабул қилиниб, 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, йилига 280 мингга етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режа қилинди.

Йилига 20-25 миллион квадрат метрли тижорат бинолари фойдаланишга топшириляпти. Мухтасар айтганда, уй-жой ва тижорат биноларининг ўзигина йилига камида 10 миллиард долларлик қурилиш материалларига талаб яратади.

Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳамкорларга яна 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинди.

Масалан, Жиззахда атом электр станциясини, Тошкент вилоятида 4-мисни бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқда 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда 55 минг ўринли футбол стадиони, 282 километрли Тошкент – Самарқанд йўлини қуриш каби йирик лойиҳаларга ҳам биринчи навбатда қурилиш материаллари зарур.

Умуман, йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат, сертификат бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йирик ва мегалойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт материалларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрайди. Шу билан бирга, бундай лойиҳаларга ўз маҳсулотларини таклиф қилиш истагида юрган маҳаллий корхоналар ҳам кўп.

Улар “Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз маҳаллий маҳсулотларга ҳам қўлланилса, сифат бўйича ҳам, стандарт бўйича ҳам рақобатга тайёрмиз”, демоқда.

Мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароитни таъминлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Ҳозирда соҳадаги 457 та корхонанинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етгани қайд этилди. Сабаб – ушбу корхоналар чиқараётган маҳсулотлар таннархи қимматлиги, бугунги бозор талабига тўлиқ жавоб бермагани учун харидор топа олмаяпти.

Масъулларга 457 та корхонанинг ҳар бирига бориб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур ишлаб чиқиш, айни мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс ажратиш топширилди.

Мазкур маблағлар мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали таннархни пасайтириш ва бозорда талаб юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Яқинда ҳудудларда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича икки йиллик катта дастур қабул қилинди.

Дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, хусусан, 200 та меҳмонхона қуриш режа қилинган.

Масалан, Паркентда яқинда очиладиган “Кумушкон ресорт” туризм комплексида 98 фоиз маҳаллий қурилиш материаллари ишлатилмоқда.

Ҳокимлар ҳам ҳудудидаги барпо этилаётган меҳмонхоналарда маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказиши зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун кейинги йил якунига қадар меҳмонхона қуриш ва безатишда фойдаланиладиган лок-бўёқ ишлаб чиқаришни 119 мингдан 150 минг тоннага, сантехникани 1,5 миллиондан 2 миллион донага, ПВХ қувур ва фитингларни 255 мингдан 300 минг тоннага, гулқоғозни 6 миллиондан 7,5 миллион тоннага, декоратив панелларни 15 миллион квадратдан 18 миллион квадрат метрга етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Юртимизда ҳар йили ўртача 65 минг якка тартибдаги уй-жойлар қурилмоқда, яна 200-250 минг хонадон таъмирланяпти.

“Очиқ айтиш керак, ҳали кўпчилик энергия тежамкор материалларнинг афзалликлари ҳақида етарлича хабардор эмас”, – деди Президентимиз.

Хонадонларни иситишнинг ўзига иқтисодиётдаги жами газ истеъмолининг 20 фоизи, электр энергиясининг эса 11 фоизи сарфланмоқда. Агар уйнинг фасад ва том қисми иссиқлик сақловчи материал билан қопланса, энергия тежамкор ойна қўйилса, энергия сарфи 30 фоизгача камаяди.

Бу борада Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янгича лойиҳалаш ёндашуви асосида Қамаши туманида 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қурилмоқда.

Энг муҳими, мазкур лойиҳада тўлиқ энергия тежамкор маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиб, таннарх камида 20 фоизга арзон тушади, уйни иситиш-совитиш харажатлари 30 фоизга қисқаради.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Қамаши тажрибаси асосидаги янгича лойиҳалаш ёндашувини ўрганиш топширилди. Жорий йил Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кириладиган 33 та туман ва шаҳардаги кўп қаватли уй-жойлар қурилиши фақат шундай ёндашув асосида амалга оширилиши белгиланди.

Хонадонларни қуриш ва таъмирлашда энергия тежамкор материалларга ўтиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиб, 19 мингта қурилиш корхонасига ушбу тавсияларни, “яшил таъмир” лойиҳаси бўйича бериладиган имтиёзлар ҳақидаги маълумотларни қурилиш бўлаётган ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга етказиш вазифаси қўйилди.

Қўшни давлатлар йилига 13 миллиард долларлик қурилиш материалларини импорт қилмоқда.

“Бир нарсани билинглар: ташқи бозорларда кучли рақобат, ҳар бир доллар учун кураш кетаётган ҳозирги шароитда экспортни кўпайтириш учун ноанъанавий ечимлар керак”,– деди давлатимиз раҳбари.

Марказий Осиё давлатларининг ўзига экспортни қўшимча 440 миллион долларга ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди. Масалан, Озарбайжон, Грузия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистонда уй-жой, тижорат объектлари қуриш бўйича катта дастурлар амалга ошириляпти.

Тармоқ мутасаддилари ва ҳокимларга қурилиш материаллари корхоналари ва девелоперларни бир-бирига боғлаб, бизга яқин минтақалардаги бозорларга кириб борса, бу давлатларда миллий маҳсулотларимиз асосида намунали уй-жойлар ва нотурар объектларни қуриб кўрсатса, қўшилган қиймат каррасига ошиши кўрсатиб ўтилди.

Муҳими, уй-жой қуриш бўйича ушбу давлатларнинг ишончли ҳамкорига айлана олсак, электротехника, уй текстили, мебель корхоналаримизга ҳам йўл очилади, экспорт имкониятлари кўпаяди.

Шу боис, масъулларга Боку, Тбилиси, Москва, Остона ва Бишкекда 3-4 тадан намунали, энергия тежамкор уй моделини қуриб, роад-шоу ўтказиш топширилди.

Сўнгги ўн йилда қурилиш материаллари тармоғи корхоналари фойдаланадиган шартли ёқилғи ҳажми 2 карра камайди.

Соҳадаги электр истеъмолининг 65 фоизи тўғри келадиган 34 та йирик корхонада энергия аудити ўтказилгани ҳисобига ўтган йилнинг ўзида 240 миллион киловатт-соат электр тежалди.

Лекин бу ҳали кам экани қайд этилди. Вилоят ҳокимларига қурилиш материаллари корхоналарини технологик модернизация қилиш орқали энергия сарфини камайтириш бўйича катта дастурни бошлаш топширилди.

Бунда иситиш ва қуритиш печи, тегирмон ва энергия сарфи юқори бошқа ускуналарни энергия тежамкорига алмаштирган корхоналарга сўмдаги кредитининг 7 фоизи, хорижий валютада бўлса, 4 фоизи компенсация қилиб берилади.

Бу йил яна 38 та йирик корхонада энергия тежамкор технологияларни жорий қилиб, 400 миллион киловатт-соат электрни иқтисод қилиш зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда цемент, базальт, ойна, керамик плита каби маҳсулотлар бўйича яратилган қувватлар 2035 йилгача бўлган эҳтиёжларимизни қоплашга ҳам етади.

Эндиликда инвесторларни бундай маҳсулотларни кўпайтиришга эмас, мавжуд қувватларни модернизация қилиб, юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳаларга жалб қилиш кераклиги қайд этилди.

Масалан, Форишдаги базальт толаси заводининг ёнида базальт матоси ишлаб чиқариш қувватлари жойлаштирилмоқда. Ҳозир 1 тонна базальт толаси 340 доллар бўлса, базальт матосининг тоннаси 900 долларни ташкил этади.

Ёки бизда асосан 400, 500 маркали цемент ишлаб чиқарилади. Ҳозир фаолияти тўхтаган 17 та цемент заводини инвесторлар билан боғлаб, махсус цемент ишлаб чиқаришга ўтказса, харидор ҳам, экспорт ҳам бўлади.

Мутасаддиларга алоҳида дастур тасдиқлаб, йил якунигача паст қувватда ишлаётган камида 50 та қурилиш материаллари корхоналарига инвестор олиб келиш топширилди.

Қурилиш материаллари соҳасидаги корхоналарга сертификат олиш билан боғлиқ барча харажатни тўлиқ қоплаб берадиган тизим мавжуд. Бу каби имконият бошқа бирорта тармоқда йўқ.

Лекин бундай сертификатларнинг ягона маълумотлар базаси йўқлиги учун харидорлар ўзи билган, халқаро сертификати бор чет эл товарларини кўпроқ харид қилмоқда.

Мутасаддиларга маҳаллий ва хорижий сертификати бор қурилиш материалларининг электрон платформасини ишга тушириш, вилоят ҳокимлари билан бирга шу йил яна камида 50 та қурилиш материали корхонасига халқаро сифат сертификати олишда кўмаклашиш топширилди.

Умуман, бугунги йиғилишда айтилган имконият ва вазифалар ҳисобидан жорий йилда қурилиш материаллари соҳасида 11 миллиард долларлик 900 дан зиёд янги лойиҳаларни бошлаш, 3 миллиард 200 миллион долларлик 622 та лойиҳани ишга тушириб, 21 минг янги иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 65 триллион сўмдан ошириш, 7,5 триллион сўмлик янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш муҳим экани қайд этилди.

Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, қурилиш материаллари корхоналари вакилларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди.