Тошкент, Ўзбекистон — 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси ўринбосари Марион Эдел билан учрашув ўтказди.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик соҳаларда Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13,2 фоизга ошиб, 1,4 миллиард АҚШ долларига етгани, ўзлаштирилган Германия инвестициялари ҳажми эса 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани қайд этилди.
Музокаралар давомида ривожланиш мақсадларидаги ҳамкорлик бўйича навбатдаги Ўзбекистон–Германия ҳукуматлараро музокараларига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар белгиланган устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
